Маҳалла раисининг боласи университетда ўқимайдими?

Куни кеча янги ташкил қилинган “Янги Ўзбекистон” университетида ўқиш учун тўланадиган контракт миқдори эълон қилинди. Маълум бўлишича, ўзимизнинг талабалар бу даргоҳда таълим олиш учун салкам 50 миллион сўм, хорижликлар эса 10 минг АҚШ доллари миқдорида йиллик шартнома пулини тўлаб қўйишлари лозим. Бу тўрт йил учун 200 миллион сўм бўлади. Ҳозирги нархларда 20 минг доллар, яъни пойтахтдан битта икки хонали квартира демакдир.

Хабар университетнинг расмий сайтига қўйилиши билан тармоқларда журналистлар, фуқароларнинг аччиқ захархандалари, норози чиқишларига тўлиб кетди. Шундан сўнг, муассаса маъмурлари эълон шаклини ўзгартиришди. Бу сафар талаба университетда ўқишнинг ҳар семестри учун 24 миллион сўмдан кўпроқ пул тўлаши лозимлиги кўрсатилди. Мамлакатимизда олий таълим даргоҳларида бир ўқув йили икки семестрда ташкил қилинишини ҳисобга олсак, янги маълумот “Алининг хўжаси, Хўжанинг алиси”, холос. Контракт миқдорини ҳаспўшлашга қаратилган мазкур ҳаракат янада кўпроқ эътирозларга сабаб бўлгани боис университет маъмурияти тўлов шартномаси миқдори тўғрисидаги маълумотларни сайтдан буткул олиб ташлади.

Бунга ҳали муносиб бўла олиш керак

Аслида-ку, салкам беш минг доллар — етакчи университетлардан бирида таҳсил олиш учун унчалар катта тўлов эмас. Дунёда 5, 10, 20, 30 минг долларгача контракт тўланадиган, Пицбург, Оксфорд, Массачусетс, Манчестер, Вестминстер, Кембридж ва ҳоказо кўплаб таълим даргоҳлари бор. Аммо улар мазкур даражага бир неча асрлар мобайнида тўпланган тажриба, обрў ва эътироф натижасида эришган. Бу даргоҳларда таҳсил олган мутахассислар шубҳасиз, ўз касбининг моҳири бўлиб етишади. Университетлар юзлаб лойиҳалари учун илмий мукофоотларни қўлга киритган. Қачонлардир юқоридагиларда оддий талаба бўлганлар Нобелчилар рўйхатига тушмаган бирор йил йўқ. Битирувчилари дунёнинг энг етакчи мамлакатлари ҳукуматларида, жуда қудратли халқаро молиявий ва бошқа турдаги ташкилотларда жиддий лавозимларда ишлайди. Бугун ҳам мазкур таълим даргоҳлари сунъий онг, квант физикаси, тиббиёт, дастурлаш, фазони ўрганиш, ген технологиялари ва ҳоказо, ва ҳоказо йўналишларда инсоният ҳаётини буткул ўзгартириб юбориши мумкин бўлган тадқиқотларни олиб бормоқда.

Хўш, бизнинг янги университет ҳали нима қилиб қўйди? Агар битирувчилар чиқиб, катта кашфиёт қилса, ижтимоий лойиҳаларни амалга оширса, хуллас, фойда келтириб, университет салоҳиятини намойиш қила бошласа, шундан сўнг янги таълим даргоҳига баҳомизни берамиз. Нафақат биз, балки хорижликлар ва таълим даргоҳлари рейтингларини тузувчилар ҳам ўз хулосаларини айтишади. Унгача зарарига бўлса ҳам ишлаб туриш керак. Умуман олганда эса, мутахассисларни тайёрлаш, ёшларга илм беришдан ҳали бирорта мамлакат, жамият зарар кўрганини билмаймиз.

Ўқитувчининг боласи қаерда ўқийди?

Юқоридагилар масаланинг бир томони. Бугун мамлакатимизда энг обрўли олий таълим даргоҳларида ҳам контракт миқдори чидаса бўлар даражада. Кўрпага қараб оёқ узатилган. Жумладан, Тошкент давлат юридик университети, дипломатия, тиббиёт академиясида ҳам тўловлар 10 миллион сўмнинг нари-бериси. Боласининг келажаги учун ҳар қандай ота-она топиб бериши мумкин бўлган маблағ. Бу тўлов ҳозирча ҳеч кимнинг жуда жиддий эътирозларига сабаб бўлаётгани йўқ. Бойнинг ҳам, камбағалнинг ҳам боласига тенг имкониятлар.

Қисқа таҳлил қиламиз. Яқинда Халқ таълими вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатимизда ўқитувчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2,5 миллион сўмча чиқар экан. Кутубхоначиларники эса 1 миллион сўмга бормайди. Шифокорлар ҳам етти йил ўқиб, 3 миллион сўм атрофида маош олишади. Узоққа бормайлик, ўзимизнинг маҳалла тизимида ишлайдиган раислар, фаолларнинг ҳам маоши 2 миллион сўм атрофида, холос. Энди тасаввур қилинг, маҳалла раиси ёки ўқитувчи фарзандини янги университетда ўқитиш учун икки йиллик иш ҳақини тўлиғича сарфлаши лозим. Шунда ҳам бироз етмай қолади.

Хўш, унда янги университетда кимлар боласини ўқитади? Фақат бойлар, тадбиркорларми? Бу табақаланиш, нотенг имкониятлар вужудга келиши учун шароит яратиш эмасми?

Бизнинг-ча, янги университетда контракт тўловлари масаласи жиддий қайта кўриб чиқилиши лозим. Унинг миқдори юз йилдан ошиқ тарих, анъаналарга эга, минглаб олим ва академикларни тайёрлаб берган Миллий университет, ҳуқуқшунослик университети, тиббиёт академияси ва бошқаларникидан баланд бўлмасин. Акс ҳолда турган битгани адолатсизлик саналади.

Улуғбек ИБОДИНОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш