БИР ҚАНОТЛИ ҚУШ УЧМАЙДИ

2017 йилда Президент томонидан қабул қилинган иккита ҳужжат китобхон аҳолидан ташқари, ноширлик фаолияти билан шуғулланувчиларни ҳам қувонтирган эди. Булар — “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиш ҳамда “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарор эди.

Хўш, орадан қарийб тўрт йил вақт ўтиб, соҳада нима ўзгаришлар юз берди? Ҳужжатларда қўйилган вазифалар қай даражада амалга оширилди? Бугуннинг китобхони ноширдан, муҳаррирдан, китоб сотувчиларидан рози бўляптими? Ноширлар нимадан ташвишдаю, китобхонни нималар қийнамоқда?

“Қоғознинг иккинчи бети” ҳам бор

Тўғри, давлат раҳбари илгари сурган “Беш муҳим ташаббус” лойиҳасидаги алоҳида йўналиш — “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш” бўйича мақтанишга арзирли натижаларимиз бор. Аммо улар саноқли. Масалан, мактаб ўқувчилари ва ёш оилаларни қамраб олган анъанавий “Ёш китобхон” ва “Ёш китобхон оила” республика танловлари йўлга қўйилди. 2019 йил октябрь ойидан бошлаб ҳар йили “Tashkent Book Fest” халқаро китоб кўргазмасини ўтказиш яхши урф айланди. Маҳаллий бюджетлардан 7,0 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига 1,0 млн. нусхадан китоб маҳсулотлари мактаб кутубхоналари ва бошқа идоравий кутубхоналарга етказиб берилди. 2017 йилгача ўқув адабиётларидан ташқари, китоб маҳсулотларининг улуши 25 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 40-45 фоизгача етди.

Булар ислоҳотларимизда маънавий фойда, деб айтиш мумкин бўлган жиҳатлар. Аммо, ноширлар тилида айтганда, “қоғознинг иккинчи бети” ҳам бор. Бу — масаланинг моддий (ёки иқтисодий) жиҳатидир. Тўғри, соҳани ривожлантириш учун ҳуқуқий жиҳатдан либераллаштириш сиёсатимиз китоб бозорида эркин рақобат муҳитини жадаллаштириб юборди. Афсуски, ноширлик фаолияти учун хусусий секторга тўсиқларсиз яратилган шароит ўз-ўзидан маънавий-маърифий жиҳатларни соясида қолдириш фактини ҳам “балоғатга етказди.

Айрим таҳлилларга назар соламиз. Бугунги статистика нашриётлар сони 200 дан ошганини кўрсатмоқда. Давлат улуши 47 та нашриётга тегишли, холос. 2016 йилга нисбатан бу йилда хусусий сектордаги нашриётлар сони нақ 288 фоизга ўсган (беш йилда ҳар йили ўртача 55 фоиздан). Ҳозирда республикамиз бўйича нашриёт-матбаа корхоналарининг китоб маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 273,6 млн. нусхага етган.

Бир қарашда соҳа мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир беряпти, деймиз. Лекин “иккинчи қанотда қолган китобхон” ўз хаёлотига мос китоблар топа олаётганига ишончимиз нокомил. Бунинг сабаблари кўп.

Сифат ва мазмун ҳамоҳангми?

Биринчидан, китобларни нашрга тайёрлаш билан боғлиқ жараённи такомиллаштириш зарур. Ноширлик субъектларининг ўз маҳсулотини нафақат умумэътироф этилган соҳавий стандартлар талабига, балки бадиий-ғоявий мазмунига мослиги ва ижтимоий аҳамияти бўйича тизим етишмаяпти. Бу, биринчи галда, ноширларни қизиқтириши керак. Афсус, муаммо ноширнинг масъулиятсизлиги билан ҳам газак отмоқда.

Иккинчидан, бизда китоб маҳсулотларининг қадр-қиммати унинг нархида эмас, мазмунида эканини яхши англайдиган китобхонлар кўпайиши керак. Яъни контрафактга алданмайдиган, нархи сифат ва стандартга ярашиқ китобни танлай биладиган китобсеварлар ҳар қандай жамиятда қадрланади.

Яна бир масала. Бугун бозорлардаги муомалада бўлган болалар адабиётларининг аҳволи ҳали мақтанарли даражада эмаслигимиздан дарак беряпти. Айниқса, ўсмирларга мўлжалланган китобларнинг аксари мазмунан саёз ёки чалкаш маълумотлар билан чоп этилгани ташвишга солади.

2020 йилда ноширлик соҳасига оид қонунчилик талаблари бузилиши оқибатида масъул тузилма томонидан жами 42 та нашриётга тақдимномалар киритилган. Таҳлил қилинган 301 та китобларнинг 51 таси умумтаълим мактабларига мўлжалланган дарслик ва ўқув қўлланмаларидир. Китобларда аниқланган қонунчилик бузилишлари орасида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунлар талабларини қўпол бузиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

ҚҚС китоб бозорига акс таъсир этадими?

Кузатувлардан шу нарса маълумки, соҳада қоғоз ва матбаа хомашёлари нархларининг ошиб бориши, шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан китоб маҳсулотларига қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) жорий этилиши ҳамда коронавирус пандемияси оқибатида бутун дунёда юзага келган иқтисодий инқироз жараёнлари ўзига яраша қийинчиликлар яратди.

Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2017-2020 йилларда нашриётлар томонидан тўлаб борилган жами солиқларнинг 61,8 фоизи ҚҚС ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирда маҳаллий нашриёт-матбаа корхоналари томонидан ҚҚСдан ташқари ер (0,95 фоиз), мулк (2 фоиз), сув ҳамда ижтимоий (меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 12 фоиз) ва фойда (фойдадан 15 фоиз) солиқлари тўланади. Ушбу солиқларнинг умумий сотув ҳажмига нисбатан ўртача улуши 4 фоизни ташкил этади.

Маълумки, ҚҚСдан ташқари барча солиқ ва мажбурий тўловлар маҳсулот рентабеллиги ҳисобидан тўланиб, ҚҚС эса якуний истеъмолчи (китобхон) ҳисобидан қопланади. Шунинг учун ушбу солиқнинг мавжудлиги ёки миқдори бевосита истеъмолчиларнинг бозордаги ҳаракатларига акс таъсир этмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Халқаро ноширлар уюшмаси (IPA) ва Европа нашриётлари федерацияси (FEP) томонидан 2018 йилда дунёнинг 134 давлатида босма ва электрон нашрлар учун ҚҚС ставкаларини қўллаш бўйича ўрганиш ўтказилган. Натижасига кўра, 4 та давлатда (тадқиқот қатнашчиларининг 3 фоизида) китоб маҳсулотлари учун ҚҚС умуман мавжуд эмас. 62 та мамлакатда (47 фоизида) босма китоблар учун ҚҚС имтиёзли ноль фоиз миқдорида, 50 та давлатда (37 фоизида) китоб маҳсулотлари учун ҚҚС 15 фоиздан паст миқдорда, 18 та мамлакатда (13 фоизида) китоб маҳсулотлари учун ҚҚС 15 ва ундан юқори фоиз миқдорларда ўрнатилган.

Хулоса қилганда, китоб одамнинг бирламчи ёки кундалик эҳтиёжлари қаторига кирмайди. Қолаверса, китобнинг асосий истеъмолчилари – мактаб ўқувчиси, талаба, нафақахўр китобхонлар экани ҳисобга олинса, кундан-кун харид қобилияти камайиб бориши кузатилмоқда. Ўз навбатида, бу китобхонликни оммалаштириш ва мутолаа маданиятини ривожлантириш ишларига салбий таъсир ўтказиши табиий. Шунинг учун миллий ноширлик соҳасини ривожлантиришдаги муаммоларни чуқур ўрганиш, унинг сабаб ва оқибатини тўғри баҳолаш орқалигина керакли тадбирни қўллаш лозим.

Умид ЖАББОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш