Масъуллар қуруқ ваъдадан нарига ўтишмаяпти

Маҳалламиз туман марказидан 4 километр узоқликда жойлашган. Табиий газ билан таъминланган. Аҳоли ёрдами билан 100 фоиз ичимлик сув масаласи ҳал қилинди, қабристон ободонлаштирилди, йўлларнинг 1 километр қисмига бетон ётқизилди. Бироқ ечимини кутаётган масалалар ҳам кам эмас.

Мисол учун, бундан йигирма йил олдин йиғиндаги эски симёғочлар алмаштирилиши айтилганди. Бироқ орадан мана шунча йил ўтдики, ҳамон бу ишлар бажарилмаган. Қолаверса, трансформаторлар ҳам талабга жавоб бермайди. Кучланиш ортган пайтлар ташлаб юборади. Шунингдек, мактабгача таълим ташиклоти фаолияти ҳам талабга жавоб бермайди. Мактабимиз керакли жиҳозлар билан таъминланмаган. Бу, ўз навбатида, таълим сифатига ҳам таъсир қилмасдан қолмаяпти.

Маҳалламиз ўз биносига эга эмас. Неча йиллардан бери ҳудуддаги масжид биносида фаолият юритамиз. Боз устига, моддий-техник базамиз йўқ. Аҳоли билан ишлаш, иш самарадорлигини оширишда бу жиҳатлар панд бермоқда. Қолаверса, маҳаллада тиббий рунктга эҳтиёж бор. Ҳозирда аҳоли 7,5 километр узоқликдаги тиббий пунктга қатнашга мажбур. Қишнинг изғирин, ёзнинг жазирама чилласида ҳомиладор аёллар, нуронийларнинг у ерга бориб келишини тасаввур қилаверинг энди...

Юқоридаги масалалар бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Бироқ ҳар гал ваъда беришади, ҳар йилги дастурларга киритилиши айтилади, натижадан эса дарак йўқ. Аҳоли биздан юқоридаги масалалар ечимини сўрайди, қандай жавоб беришни билмайсиз, масъулларнинг муносабати эса фақат қуруқ ваъдадан нарига ўтмайди.

Нурмуҳаммад ҲАМИДОВ,

Сариосиё туманидаги

“Янгиҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш