“Маҳаллага мактаб керак...”

Ҳудудимизда 5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳолимиз томонидан 30 га яқин иссиқхоналар қурилган. Шу кунларда новвойхона, қассобхона, маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларидан иборат 10 та объект фойдаланишга топширилиш арафасида.


Саховатпеша маҳалладошларимиз кўмаги билан “Аёллар дафтари”га кирган бир фуқарога учта хона, ҳаммом, ошхонадан иборат янги уй қуриб берилди. Ҳозиргача 400 метр маҳалламиз ҳудудига ҳашар йўли билан канализация қувурлари тортилиб, тармоққа уланди. Бу ишлар ҳали давом эттирилади.

Ҳудудимизнинг асосий муаммоси эса мактаб йўқлигида. 910 нафар фарзандимиз 2-3 километр масофадаги мактабларга қатнаб, таълим олишга мажбур бўлмоқда. Гап йўлнинг узоқлигида ҳам эмас, ўқишга боргунларича болалар иккита катта магистраль йўлни кесиб ўтишлари, шу йўл бўйлаб юришлари керак. Ўтган йили мактаб ўқувчилари иштирокида 4 та “авария” содир бўлди. Натижада ота-оналар болаларини ўқишга юборишга қўрқиб қолишяпти. Мутасаддилар жорий йилда мактаб қуриб берилишини айтишган эди. Аммо қурилиш ишлари ҳануз бошлангани йўқ.


Яна бир камчилигимиз — маҳаллада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш масканининг йўқлигида. Беморларимиз 7 километр узоқликдаги пунктга қатнашяпти. Ҳозирда эски кинотеатр биносининг бир неча хонаси ўрнида ҳашар йўли билан шундай маскан ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Тўлқинжон СИДДИҚОВ,

Қўқон шаҳридаги

Тухлимерган маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш