Сектор раҳбарлари масъулиятни қачон тўла ҳис этишади?

Сўнгги йилларда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадда ҳудудларни секторларга бўлиб, ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилгани халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.


Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг Тошкент шаҳар филиали томонидан сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган.

Камчиликлар кам эмас...

Унга асосан, сектор раҳбарларини ҳар ойда 13 та кўрсаткич (индикатор) асосида баҳолаб бориш йўлга қўйилган бўлиб, Тошкент шаҳридаги 48 та сектор фаолияти жорий йилнинг январь-июнь ойлари бўйича баҳолаб чиқилган.

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти мониторинги бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, сектор штаблари фаолиятини ташкил этиш, штаб аъзолари фаолиятини назорат қилиш, аҳоли ва ижтимоий объектлар муаммоларини ўрганиш, кам таъминланган оилалар аҳволини яхшилаш ҳамда келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ муаммоли масалалар атрофлича ўрганилди.


Шунингдек, сектор котибларининг ўз ишини тўлақонли тушунмаслиги, олиб борилаётган манзилли ишлар тизимли тартибда белгилаб олинмагани, бажарилаётган ишларнинг “Темир дафтар”га тўғри келмаслиги, ишсизлар бандлигини таъминлашда сектор раҳбари масаланинг ичига чуқур кириб, масъулият билан шуғулланмагани, ёшларни ва чет элдан келганлар бандлигини таъминлашда аниқ рўйхатлар шакллантирилмагани, эҳтиёжманд оилалар билан ишлашда сектор ва маҳалла масъуллари уларни шахсан танимаслиги ҳамда сектор фаолиятини ташкилий жиҳатдан тўлиқ йўлга қўйилмагани, секторларда иш шароитлари яратилмагани аниқланди.

Ўрганиш хулосалари шуни кўрсатмоқдаки, барча даражадаги раҳбар ходимлар, хусусан, сектор масъулларининг аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишда бошқарув қарорларини қабул қилиш, иш вақтини самарали тақсимлаш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш каби кўникмаларга эга бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

“Маҳаллабай” ишлаш ҳолати қониқарлими?


Ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Тошкент шаҳридаги 48 та секторда 530 та махалла мавжуд бўлиб, улар “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйишган. Бу барча соҳа мутасаддиларининг биргаликда, маҳаллалардаги муаммолар, аҳоли турмушидаги муҳим масалаларни биргаликда ҳал этишга ёрдам беради.

Рейтингда кўрсаткичлари паст бўлган сектор раҳбарлари фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар батафсил аниқланиб, юзага келган муаммолар юзасидан тизимли равишда бартараф этиш бўйича тавсиялар ва кўрсатмалар бериб борилади ҳамда ижроси назоратга олинади.

Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қарори асосида секторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича янги — адолатли ва таъсирчан тизим жорий этилди. Бу тизим фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади.

Санжар ФАРМОНОВ,

Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Тошкент шаҳар филиали етакчи инспектори.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш