“Сув йўқлиги боис 50 фоиз ҳосил нобуд бўлди”

Маҳалламиз ҳудудида 8 та қишлоқ жойлашган бўлиб, аҳоли, асосан, боғдорчилик билан шуғулланади. 48 та фермер хўжалигининг ҳаммаси боғдорчиликка ихтисослашган. Айни дамда қишлоқларда биронта ҳам бекорчи одамнинг ўзи йўқ. Ҳамма боғларда иш билан банд. Афсуски, бу йилги жазирама иссиқ ва сувнинг йўқлиги 50 фоиз ҳосилни нобуд қилди. Ҳосилнинг қолган қисмини сақлаб қолиш учун барча бирдек кечаю кундуз ҳаракатда.


Муаммолар бор. Энг катта ва бизни қийнаётган муаммо, бу — сув. Ичимлик сув ҳам, томорқалар учун ҳам сув йўқ. Қолаверса, маҳаллада мавжуд 16 та трансформатор 70-йилларда ўрнатилганидан бери алмаштирилмаган. Барчаси эскириб, таъмирталаб бўлиб қолган. Трансформаторларнинг эскилиги боис электр энергиясида узилишлар кўп бўлади. Шунингдек, қишлоқ врачлик пункти ҳам йўқ. 8 та қишлоқ аҳолиси учун ҳеч бўлмаса битта тиббий пункт қилиб берилса, яхши бўларди. Айниқса, ёш болали оилалар ва қариялар учун бу жуда керак. Иккита уй боғчаси ишлаб турибди. Бу билан барча болалар боғчага қамраб олинган, дея олмаймиз.


Таклиф. Маҳаллада ишнинг ҳажми ҳам, вақти ҳам белгиланмаган. Битта маҳаллада 8 та қишлоқнинг бўлиши иш сифатига таъсир этмай қолмайди. Истасак-истамасак ҳам ҳеч қанақасига улгурмаймиз. Шу боис маҳаллани иккига бўлиб, иккита маҳалла қилиб беришса, яхши бўларди. Бу борада ҳужжатларни ҳам тайёрлаб қўйганмиз. Аммо натижа кўринмаяпти. Мутасаддилар мана шу таклифимизга эътибор қаратишини истардик.

Холмирза РАББИМОВ

Иштихон туманидаги

“Чимқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш