Трансёғлар инсон саломатлиги учун қанчалик хавфли?

Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги “ЖССТ трансёғлардан сақланишни тавсия қилади, чунки уларни ортиқча истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади”, “Ҳаёти ва саломатлигини хавф остига қўйишни истамайдиган ҳар бир инсон таркибида трансёғлар мавжуд бўлган маҳсулотларни қатъий равишда чеклаши зарур” мазмунида огоҳлантириш хабарларини юбормоқда.


Хўш, трансёғлар нима? Улар қандай маҳсулот ёки ёғлар таркибида бўлади? Унинг олдини олиш учун нима қилиш лозим? Шу ва бошқа саволлар билан Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно ОДИЛОВАга мурожаат қилдик.

– Трансёғлар – махсус усуллар асосида ишлов берилган, таркиби ўзгартирилган тўйинмаган ёғ кислоталари ҳисобланади, – дейди Барно Одилова. – Бугунги глобаллашув даврида бу ёғлар озиқ-овқат саноатига кенг кириб келди. Ёғларнинг узоқ вақт сақланиши ва ўз шаклини йўқотмаслиги учун кимёвий усулда қайта ишлов бериш орқали тайёрланган ушбу ёғ биринчи навбатда, маргарин шаклида барча кондитер маҳсулотлари – торт, пирог, пироженое, мороженое, кофе учун сут порошоги, турли ширинликлар – печенье, вафли тайёрлашда, шунингдек, ярим фабрикатлар – сомса ва пишириқлар учун музлатилган хамир, музлатилган пицца тайёрлашда ишлатилади. Шунингдек, улар фаст-футлар тайёрлашда, айниқса, чипс, фри, қовурилган товуқ гўштлари ва денгиз маҳсулотларидан таомлар тайёрлашда ҳам кенг ишлатилади.

Хавфи ва зарари қандай?

– Энг асосийси, таркибида ёғ миқдори кўп бўлган ҳар қандай маҳсулотларни суиистеъмол қилиш организм учун хавфли эканини унутмаслигимиз керак. Трансёғлар эса биринчидан, организмда ёмон хислатли холестерин(ЛПНП)ни кўпайишига ва бу орқали семизликка мойилликка олиб келади.

Иккинчидан, ёмон хислатли холестерин қон-томир деворларига ёпишиб, уларнинг ўтказувчанлиги бузилади. Натижада барча организмнинг қон билан таъминланиши ёмонлашади.

Учинчидан, қон томирлар деворидаги бяшкалар узиши натижасида инфаркт, инсульт, ўпка тромбоэмболияси каби эрта ўлимга сабаб бўладиган ҳолатларни юзага келдиради.

Тўртинчидан, ортиқча вазн ва семизлик, модда алмашинувининг бузилиши натижасида қандли диабет касаллиги ривожланишига пойдевор бўлади.

Бешинчидан, турли хавфли ўсма касалликларини келтириб чиқарувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Трансёғлардан қандай чекланиш ёки ҳимояланиш мумкин?


– Соғлом бўлишни, узоқ умр кўришни, дориларга қарам бўлмасдан соғлом қариликда умргузаронлик қилишни истасак, трансёғларни ишлатишни кескин чеклашимиз керак. Тўғри, бугунги кундаги ҳаётимизни фаст-футларсиз ёки ширин пишириқлар ва музқаймоқларсиз тасаввур қилиш қийин. Лекин тарозининг иккинчи палласида саломатлигимиз турганлигини унутмаслигимиз керак. Трансёғларни рўзғор ва рациондан аста-секинлик билан чиқариб ташлаш имкони бор. Бунинг учун фаст-футлар истеъмолини қатъий чеклаш, дўконлардан тайёр хамир ва пишириқларни сотиб олмасдан уларни уйда тайёрлаш ва бунда асл сариёғ ёки қаймоқдан фойдаланиш лозим. Шунингдек, маҳсулотлар харид қилаётганда уларнинг таркибига аҳамият бериш керак. Яъни сиз олаётган маҳсулот таркибида гидрогенланган ёки қисман гидрогенланган мой, маргарин, ўсимлик ва кулинария ёғи бор бўлса, демак буларда трансёғлар бор эканини унутманг.

Салбий ҳолатларини қандай билиш мумкин?

Профилактика ёки даволаниш тартиби-чи?

– Касалликнинг илк белгилари сифатида ортиқча вазнни айтиб ўтиш мумкин. Чунки модда алмашинуви бузилганлиги оқибатида ортиқча вазн пайдо бўлиши турли хил касалликлар – артериал гипертония, қандли диабет, юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқарувчи асосий хавф омилларидан бири ҳисобланади.

Ортиқча вазндан воз кечиш учун эса тўғри овқатланиш, яъни овқатни кун давомида қисмларга бўлиб истеъмол қилиш ва асосий қисмини кечгача истеъмол қилиб бўлиш, таркибида ёғ, шакар, туз миқдори кўп бўлган, шунингдек, хамир таомларидан чекланиш керак. Кунига 2 литрдан кам бўлмаган миқдорда сут ва сут маҳсулотлари, дуккакликлар ва кўкатларни ҳам унутмаслик лозим. Жисмоний фаоллик – эрталабки бадантарбия, кун давомида камида 5000 қадам пиёда юриш ва кечки овқатдан кейинги сайр жуда фойдалидир. Энг муҳими, зарарли одатлардан воз кечиш зарур бўлади.

Қандай чора-тадбирлар кўриляпти?

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли орасида тўғри овқатланишни оилавий анъана-удумга айлантириш бўйича шифокорлар томонидан индивидуал суҳбатлар билан бир қаторда, маҳаллалар, корхона ва муассасаларда тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш бўйича замонавий кўринишдаги “Соғлом овқатланиш ярмаркаси”, “Саломатлик майдончаси” каби оммавий тадбирлар олиб борилмоқда, Шунингдек, аҳолига маълумот беришда оммавий ахборот воситаларида махсус кўрсатувлар, ижтимоий тармоқларда махсус канал, саҳифа ва сайтларни ташкил қилиш ва улар орқали маълумотларни бериб бориш билан биргаликда, SMS тарзидаги хабарлар ҳам бериб борилмоқда.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазириги ташаббуси билан мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори инсон соғлиги учун хавфсиз ёки зарарли эканини кўрсатувчи белгилар билан тамғалаш жорий этилмоқда. Бу жараён икки босқичда – 2021 йилдан бошлаб ихтиёрий равишда ва 2025 йил 1 январдан бошлаб эса мажбурий тартибда амалга оширилади.

Кўриниб турибдики, инсонларнинг саломатлиги йўлида соҳа мутахассислари зарур тавсия ва йўриқномаларни кўрсатиб, огоҳлантирмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз ўз саломатлигимиз ўзимиз асрайлик!

Рустам ЮСУПОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш