Фаол ташқи сиёсат – минтақавий барқарорлик омили

Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги муаммоси мураккаб геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий мазмунга эга. Унинг мураккаблиги - минтақа хавфсизлигига таҳдид солувчи ички ва ташқи омиллар таъсирининг мавжудлигидадир. Зеро, замонавий дунёда глобаллашув билан бир қаторда, халқаро муносабатларнинг минтақалашув жараёни ҳам содир бўлмоқда. Бу, Марказий Осиёга ҳам хосдир. Мазкур минтақа давлатларининг геосиёсий бирликка айланиш ҳаракати сабабларидан бири ҳам хавфсизликни таъминлаш масаласидир.


Янги мустақил давлатлар миллий хавфсизлигини таъминлаш  - минтақавий хавфсизликнинг серқирра тизимини яратишга кўп жиҳатдан боғлиқ. Бунга ҳар томонлама самарали бўлган ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали эришиш мумкин. Марказий Осиё ҳамкорлигини ташкил этувчи давлатлар ҳам минтақа, ҳам умумжаҳон хавфсизлик тизими таркибий қисмлари сифатида минтақавий ва халқаро ташкилотлар аъзолари ҳисобланади.  

Маълумки, Марказий Осиё Евроосиёда муҳим геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамиятга эга. Минтақа ўзига хос зиддиятлар “ўчоғи” бўлиб, жиддий конфликтоген хусусияти билан ҳам характерланади. Бу ерда юқорида таъкидланганидек, хавфсизликка таҳдид солувчи ички ва ташқи омиллар мавжуд. Сиёсий таҳлилчилар фикрига кўра, ички омилларга - сиёсий беқарорликни келтириб чиқариш хусусиятига эга бўлган ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни; ташқи омилларга – халқаро терроризм, диний экстремизм, гиёҳванд моддалар “айланмаси”, ноқонуний қурол-яроғ савдоси, шунингдек, геосиёсий ва геоиқтисодий таъсирларни киритиш мумкин.

Шу нуқтаи назардан, минтақа давлатларининг ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлиги масаласи ўта долзарб аҳамиятга эга. Зеро, ўзаро муносабатларнинг истиқболли режалари ва уларни ривожлантириш масалалари бевосита шунга боғлиқ. Хавфсизликка таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши турувчи механизмлар ҳақидаги масала айниқса муҳим саналади. Бу ерда гап минтақа давлатлари суверенитетини сақлаб қолишга қодир бўлган жамоавий хавфсизлик тизимини  яратиш тўғрисида бормоқда.


Хавфсизлик тизимини  яратиш уч даражада кўрилиши мумкин: мамлакатлар ичида, минтақа доирасида ва глобал миқёсда. Қайд этилган ҳар бир даражада Ўзбекистон ҳамда тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасидаги масъулият кўпроқ юкланган дунёнинг йирик давлатлари, хусусан Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Эрон ва Европа давлатлари ўртасидаги муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Мазкур давлатлар билан Ўзбекистон алоқалари бир томондан – ўзаро манфаатли кесимда, иккинчи томондан – минтақавий ҳамда глобал тинчлик ва барқарорликни таъминлаш кесимида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Шу йил 15-16 июль кунлари Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуида халқаро конференция фикримизнинг яққол исботидир. Аслида шу йил баҳорда ташкил этилиши кўзда тутилган бу конференция глобал пандемия муносабати билан қолдирилган эди. Бугун қўшни Афғонистонда юзага келган фавқулодда вазият етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар эътиборини конференция кун тартибига киритилган долзарб масала - минтақавий тинчлик ва барқарорлик масаласига қаратишга мажбур қилди.

Конференцияда дунёнинг 44 мамлакати ҳамда йирик халқаро ташкилотларнинг нуфузли делегациялари иштирок этди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев нутқ сўзлаб, “...қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш; ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш; барқарор савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантириш; Афғонистон Ислом Республикаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини амалда таъминлашнинг муҳим бўғинларидан бири” эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, ХХ аср охири дунё геосиёсий харитасида йирик ўзгаришлар ва муҳим воқеалар содир бўлганлиги билан характерли. Марказий Осиё ҳудудида янги мустақил давлатлар ташкил топди. Бу давлатларнинг ҳар бири миллий тараққиёт моделини ишлаб чиқди ва йиллар давомида уни такомиллаштириб келди. Мазкур давлатларнинг ҳар бирининг бош вазифаси – минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш эканлиги маълум. Хусусан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош масаласи: минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва унинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш, деб белгиланди.

Мавзунинг қанчалик долзарблигини ташриф буюрган делегация таркибидан билиб олса ҳам бўлади. Афғонистон президенти - Ашраф Ғани, Покистон Бош вазири – Имрон Хон; Россия, Хитой, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари; Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхонаси раҳбари – Жозеп Боррель ва бошқалар конференцияда иштирок этди. Анжуманда қўшни Афғонистонда авж олган, янада кескинлашиш хавфи кучайган фуқаролар урушидан ҳеч бир давлат, хусусан, Марказий Осиёнинг йирик давлати Ўзбекистон ҳам манфаатдор эмаслиги кесимидаги масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан тўпланган конференция яна бир бор давлатимиз ташқи сиёсатининг тинчликсевар моҳиятини намойиш этди. Дунёнинг йирик давлатлари манфаати тўқнашадиган Ўзбекистон Афғонистондаги беқарорликнинг Марказий Осиёга ўтиш нуқтасида жойлашгани, ҳатто, Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлиги учун курашаётгани билан ҳам эмас, АҚШ, Россия, Туркия, Эрон, Хитой ва Покистон каби йирик давлатлар минтақавий манфаатларини уйғунлаштиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб бораётгани билан эътиборга лойиқ.

2001 йилда АҚШ қуролли кучларининг Афғонистонга киритилиши ва бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиши, шу йили беш ой ичида АҚШ Сенатининг 18 аъзоси ҳамда 9 нафар конгрессмен ҳамда Давлат котиби Мадлен Олбрайтнинг республикамизга ташриф буюриши; 2005 йилда Андижон воқеалари таъсирида АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг дарз кетиши ва орадан тахминан ўн йил ўтиб Афғонистондан АҚШ асосий қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши муносабати билан Давлат котиби Х.Клинтоннинг юртимизга келиши, бироқ икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг ривож топмагани, ниҳоят, 2018 йилда давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи, собиқ Президент Трамп билан учрашув руҳида бошланган муносабатларнинг янги босқичи дунёнинг етакчи давлати ва Ўзбекистон ўртасидаги фаол ташқи сиёсатнинг намоён бўлишидир.


АҚШ билан Россия, Хитой, Покистон каби давлатларнинг Афғонистон теварагидаги ҳамкорлиги ва рақобати миқёсидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, масала нақадар жиддий ва кўламли экани маълум бўлади. Ўзбекистоннинг ана шундай катта сиёсий жараёндаги фаол ташаббуси – нафақат минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, балки, глобал хавфсизликни таъминлаш йўлидаги ҳаракатдан далолат.

 

Муродулла Мирзаев

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти, тарих фанлари номзоди 

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш