Бизларга нима бўляпти, қаёққа қараб кетяпмиз?!

Cўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали жамиятимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисаларни кузатиб бориш ҳеч биримизга қийинчилик туғдирмай қўйди. Замонанинг ривожи бу каби кенг имкониятларни яратиб бераётганлиги қувонарли ҳол, албатта. Аммо айнан шу интернет тармоқлари орқали баъзан инсон қадр-қимматини оёқости қилувчи, миллат шаънига доғ бўлувчи шармандали ҳодисаларга дуч келаётганимиз ачинарли ҳолдир.


Хусусан, куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали сойда чўмилгани учун «самосуд» қилинаётган аёл акс этган видеоёзувларни кўриб дилим ларзага келди, чидаб тура олмадим!

Унга кўра, Паркент тумани «Невич» маҳалласида яшовчи фуқаро М.М. (1984 йилда туғилган аёл) маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи Қизилсой сойида чўмилаётган фуқаро Д.Г. (1987 йилда туғилган аёл)ни ёнига бориб, бу сувдан истеъмол қилишларини айтган М.М фуқаро Д.Г. билан жанжаллашиб, унинг кийимларини зўрлик билан ечиб ташлаган, уриб-тепиб жароҳат етказган. Ҳодиса юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати маълумот беришича, видеодаги ҳолат Паркент тумани ИИБ Навбатчилик қисмида 20 июль куни рўйхатга олинган ҳамда Паркент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (безорилик) ва 140-моддаси 1-қисми (ҳақорат қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда.


Эътиборлиси шундаки, мазкур воқеа қатнашчиларининг ҳар иккиси ҳам кимгадир она, кимгадир сингил ва ёки кимнингдир ёри бўлган аёллардир. Очиғи, ушбу воқеани кўриб, инсонни айби учун шунчалик хўрлаш, таҳқирлаш мумкинми, деган савол туғилади. Қолаверса, қонун устуворлиги, жиноят учун жазонинг муқаррарлиги таъминланган жамиятда яшаётган бўлсак, айби бўлса, нега энди масъул органларга топширишмайди?

Масаланинг ачинарли жиҳатларидан яна бири — мазкур воқеага гувоҳ сифатида ўша ерда бўлган инсонларнинг (адашмасам, бари эркаклар эди) юз бераётган ваҳшийликни совуққонлик билан кузатиб туришлари етмагандай, ўзлари ҳам ожизани таҳқирлаб, камига телефонларига тасвирга олишгани ва ижтимоий тармоқларда тарқатишганидир. Бундай ҳамиятсиз, номард кимсаларга боқиб, “Ҳайф сенларга эркаклик” дегинг келади. Афсуски, айрим блог масъуллари кўпчиликни эътиборини тортиш, обуначиларини кўпайтириш мақсадида воқеага турли, асосланмаган фикрлар, сарлавҳаларни тиркаб саҳифаларига жойлаштирганлар.

Шу ўринда инсонийликни, ўз миллати шаънини унутган ушбу блогерларга бир саволим бор. Ҳали қилган қилмиши учун ҳукми аниқ бўлмаган бир ожизанинг номини қоралаб, шаънини булғашга ким сизларга ҳуқуқ берди? Ахир эрта-индин масала ойдинлашиб, айби борлар жазосини ҳам олар, лекин сизларнинг интернет тармоқларидаги ўзбошимчалигингизнинг “меваси” абадиятга муҳрланиб қолади. Бир кун келиб видеодаги аёлларнинг фарзандларига таъна тошлари отилмаслигига ким кафолат бера олади? Шуларни ўйлашганмикан?

Саволлар кўп, лекин, энг аввало, юқоридаги каби ҳолатлар акс этган лавҳаларнинг ижтимоий тармоқларда тез-тез учраб тургани ва бунинг натижасида азал-азалдан кечиримлилик, инсон қадрини улуғлаш, ҳар қандай масалага вазминлик ва адолатлилик билан ечим топишга одатланган, одамохун миллатимизнинг номига доғ бўлиб тушаётганини англаган ҳолда бугун ҳар биримиз ўзимизга шундай саволни беришимиз керак: “Бизларга нима бўляпти? Қаёққа қараб кетяпмиз?!


Муродилло МАҲМУДОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш