Судлардаги давлат божини ҳамма ҳам тўлолмайди

Суд процессуал фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида эшитяпмиз. Шулардан бири — юқори инстанцияларга шикоят киритишда биринчи судларнинг ҳал қилув қарори нусхасини илова қилиш тартибининг бекор қилиниши ҳақида. Фикримча, бу ўзгаришлар у қадар жиддий ўзгариш эмас, суд қарори устидан шикоят қилувчи тарафга унчалик таъсир қилмайди. Шикоят киритувчи шахсда шундоқ ҳам ҳал қилув қарори бўлади, негаки, апелляция ёки кассация шикоятида биринчи қарорнинг нотўғри ва хато жойлари кўрсатилмаса бўлмайди.

Шунинг учун қарордан норози бўлган томонда биринчи суд қарори нусхаси бўлиши табиий. Юқоридаги ўзгариш эса бор-йўғи иккита ҳаракат ҳақида кетяпти: шикоят киритувчи ўзидаги ҳал қилув қароридан нусха олади ва шикоятга уни илова қилади. Бу сизнинг-ча, шу даражада қийин ёки шикоятчи учун ноқулай бўлган ишми? Йўқ, ундай эмас.

Менимча, суд қарорлари устидан шикоят бериш билан боғлиқ бошқа жиддийроқ бўлган масалаларга эътибор бериш керак.

Масалан, шикоят киритиш учун тўланадиган давлат божи миқдорига. Амалдаги “Давлат божи тўғрисида”ги қонун билан тасдиқланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”га кўра, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга апелляция, кассация ва назорат тартибида шикоятлар берилганда, даъво аризаси ёки бошқа аризалар, шикоятлар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

Яқинда бир тадбиркор олдимга маслаҳат билан келган эди, судда ютқазган экан, нариги даъвогар томон обрўли бюджет ташкилоти. Суд тадбиркордан бюджет ташкилотига 2 млрд. сўмга яқин пул ундиришни белгилабди. Суд қарорини кўрдим, нотўғри чиққанлиги шундоқ кўриниб турибди, уни бекор қилиш чораси фақатгина юқори судга шикоят бериш. Лекин бечора тадбиркор судга тўланадиган давлат божи миқдори ҳақида эшитиб, кўзи чиқиб кетди. Чунки иқтисодий судларда мулкий тусдаги даъво киритилганда, даъво қийматининг 2 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши керак, бу ҳозирги тадбиркор мисолида 40 млн. сўм бўлади. Апелляция шикояти берадиган бўлса, 40 млн. сўмнинг 50 фоизи – 20 млн. сўмлик давлат божи тўланиши керак. Тадбиркорнинг ҳисоб-рақамида бор-йўғи 8 млн. сўм пул бор экан. Хуллас, у давлат божини тўлай олмади, натижада адолатсиз қарор адолатсизлигича қолиб кетди.

Фуқаролик судларини-ку, гапирмаса ҳам бўлаверади, қанчадан-қанча ночор бўлган фуқаролар моддий имконияти бўлмаганлиги, шуни ҳисобига давлат божи тўлай олмаганлиги сабабли ҳам адолатсиз қарорлардан жабр кўриб юрибди.

Жойларда бунақа мисоллар юзлаб ва минглаб топилади. Энг ёмони, судларга шикоят қилишнинг ҳар бир босқичида 50 фоиздан алоҳида тўлов қилишинг керак. Бундай мантиқсизлик одамнинг ғашини келтиради. Суд инстанцияларига мурожаат қилиш осон эмас, чўнтагингдан пулинг бўлмаса, бари хомхаёл.

Таклифим: биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари устидан шикоят қилишдаги давлат божи тўловлари миқдорини камайтириш керак, ҳеч бўлмаса, биринчи судида тўланадиган қийматнинг 25 фоизига.

Бу, биринчи навбатда, судьяларимизнинг ойлигига таъсир қилиши мумкин, балким шунинг учун ҳам бу каби таклифлар эътиборга олинмас.

Сайидали МУХТОРАЛИЕВ,

ҳуқуқшунос.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш