Аёллар муаммолари ортгани сари уларнинг сони кўпдек кўринаверади

Бу ҳолат нафақат бизда, дунё бўйича ҳам эркаклар кам фоизда бўлса-да, аёллардан кўпроқ экан. Ёш давомида ўзгариб борадиган жинслар нисбатига эътибор берадиган бўлсак, Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар ўртасида кескин тавофут йўқ. Жумладан, 14 ёшгача бўлган оралиқда 100 нафар қизга 105 нафар ўғил бола, 15-24 ёш оралиғида эса 103 нафар, 25-54 ёш оралиғида эса 99 нафар, 55-64 ёш оралиғида 90 нафар ва 65 ёшдан катта ёшлилар орасида 74 нафар эркак тўғри келишини кўриш мумкин. Демак, оддий қилиб айтганда, биттага бўлса-да, эркаклар аёлларга нисбатан кўп. Шу ўринда бир савол туғилади: эркаклар кўп бўлса, нега турмушсиз ёки турмуши бузилган аёллар сони ҳам кўп?

Муаммонинг илдизлари қаерда?

Кўпчилигимиз «дунёда аёллар миқдори кўп, битта эркакка мана шунча аёл тўғри келар экан» деганга ўхшаган гапларни эшитганмиз. Ёки бўлмаса, “дарахтни силкитсанг, қиз ёғилади”, деган фикр ҳам ўрнашиб қолган. Ушбу фикр ва қарашларга кўникиб кетганимиздан қиз кўп, ўғил бола кам, деган тушунча пайдо бўлган. Бугунги кунда тиббиёт ривожлангани сари ота-оналар ўғил ёки қиз фарзанд кўришни ўзлари ҳал этишмоқда. Афсуски, ҳар қандай ўзбек оиласида ўғил фарзанд туғилиши шарт. Камдан-кам ҳолатларда ўғли бўлмаса ҳам қиз фарзандларга шукур қилиб яшовчи эркакларни учратиш мумкин.

Яна бир ҳолат мавжуд. Ҳар қандай вазиятда ажрашган аёл боласиз ёки болали бўлса ҳам бизнинг жамиятда яна қайтадан янги ҳаёт бошлаши қийин. Кўпчилиги ноиложликдан кимгадир иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб яширинча яшаётганини билиб, кўриб турибмиз. Ажрашган эркак-чи? Ўзининг пушти камаридан бўлган боласи ва хотинидан воз кечиб турган қайси эркак яна қандайдир болали ажрашган аёлга уйланиши мумкин? Албатта, қанча ёш бўлса, шунча яхши, деган фикрда турмуш қурмаган қизга уйланади. Ёки бўлмаса, 60 ёшли эркакнинг кўпи билан 40 ёшли аёлга уйланишининг ўзи оддий ҳаётий ҳақиқат.

Бундай ҳолатдан кейин жамиятда бошқача тушунчалар ва муаммолар шаклланиши тайин. “Ўғлимни онаси ўпмаган қизга уйлантираман, қиз камми” дегувчи қайноналар, эри урса ҳам, сўкса ҳам чидаб яшашга мажбур қиладиган ота-оналар, зўравонликдан ордер олаётганлар, алимент масалалари, уйсиз боласи билан кўчада қолаётган аёллар ва бошқа ҳолатлар кўпаяверади. Ўз-ўзидан аёллар билан боғлиқ муаммолар ортгани сари жамиятда ҳам аёллар кўпдай кўринаверади.

Миграция эркакларни юртдан чиқариб юборди

1991-йиллардан кейин юртимизда миграция оқими кучайди. Қўшни давлатлардан ташқари, узоқ хорижий мамлакатларга иш излаб кетувчи эркаклар сафи кўпайди. Тўғри, улар орасида аёллар ҳам бор. Аммо эркаклар кўрсаткичи юқори. Бугун минглаб йигитларимиз хорижда. Шундай ҳолатлар бўлдики, баъзи қишлоқлар эркаксиз қолиб кетди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзимизда ишлай деса, иш йўқ эди деярли. Уларнинг кўпчилиги ўзи билан бирга ўғилларини ҳам олиб кетишганди. Бунинг ортидан хорижда уйланиб, қолиб кетган эркаклар кам эмас. Қанчадан-қанча бўй йигитларимиз ҳанузгача хорижда сарсону саргардон эканини биламиз. Номига эри бору, йиллаб турмуш ўртоғини кўрмай яшаётган аёллар қанча. Жамиятимиздаги айрим сингиб кетган фикрлар туфайли ҳам баъзан бева аёлларнинг турмушга чиқиши қийин. Турмушга чиққанида ҳам “болаларини ҳам ўйламай дарров эрга тегиб олибди” дегувчилар топилади. Баъзан аёллар фарзандининг келажаги учун ўзининг ҳаётини қурбон қилаётгани ва бундай ҳолат атрофимизда содир бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Кейинги пайтларда йигитларда ҳам битта фикр шаклланиб, уйланиши ортга чекинмоқда. Ҳамма ишимни жой-жойига қўйиб уйланаман, деб ўттизга кириб қолаётган йигитлар кам эмас. Улар ўз тенгига уйланадими? Албатта, йўқ.

Бир нарса аниқки, ҳеч бир ота-она қизини бахтсиз бўлсин, уйга қайтиб келсин, дея вояга етказмайди. Биз аёлни авайлашни ва асрашни фарзандларимизга кичиклигиданоқ уқтиришимиз керак. Йигитларни ҳақиқий мард ўғлон этиб тарбиялаш маъсулиятли иш. Улар “яна қиз туғдингми”, “сен бўлмасанг бошқасига уйланаман” каби тушунчалар, фикрлар энг ёмон иллат эканини англаб етишсин. Балки шундагина ҳақиқатдан ҳам юртимизда эркаклар сони аёлларга нисбатан кўплигини ҳис этиб яшаган бўлармидик?!

НИЛУФАР

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш