қачонгача раҳбарлар “ҳали вақти эмас, тайёр эмасмиз” деб қутилади?

Тан олиш керак, ислом динига эътиқод қилувчилар кўпчиликни ташкил қилишига қарамай, Ўзбекистонда шу вақтгача исломий молия соҳаси Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларга қараганда деярли ривожланмаган. Хўш, агар юртимизда исломий молиялаш тизими қўлланилса, бу амалиёт ўзини оқлайдими?

Мутахассисларнинг айтишича, исломий молиялашга бўлган талаб мамлакатимизда 80 фоизгача етиши мумкин. Чунки улар харидорга, айтайлик, битта телефонни 2 миллион сўмга олдим, лекин уни 2,2 миллион сўмга сотаман, деб очиқ айтади. Яъни мижоз олаётган маҳсулотининг аниқ нархини ва устига қўйилган устамани билади ва шунга рози бўлади. Бунда улар фоиз эмас, балки устамани тўлайди.

Ёки бўлмаса, жаҳон ислом молияси тажрибасида уй-жой сотиб олиш учун энг кенг қўлланиладиган усул — камайиб борувчи шерикчилик (мушорака мутанақиса) деб аталади. Бунда банк ва мижоз ўзаро шерикчилик битими тузиб, биргаликда уй-жой сотиб олади. Сўнгра шериклардан бири (мижоз) иккинчи шерикнинг (банк) улушини аста-секинлик билан харид қилади. Бунда банк улуши 0 фоиз, мижоз улуши эса 100 фоизга етгунча улуш учун тўловлар қилиб борилади.

— Маълумки, кредит маблағларининг бир қисми аҳолининг омонатга қўйган пулларидан шакллантирилади, — дейди Банк-молия академияси доценти Ҳавохон Раҳимова. — Маблағнинг устига маржа ва банк хизматлари қўшилиб, кредит фоизи чиқарилади. Шунингдек, агарда мижоз ўз вақтида маблағни тўламаса, унга жарима солинади. Ислом банкида эса устамалар ўз-ўзидан ошмайди ва пеня тушунчаси умуман йўқ. Жарималар бор, лекин улар бир маротаба қўйилади, қўйилиш сабаби эса мижозни тарбиялаш ва келажакда шунга ўхшаш эътиборсизликларга йўл қўймаслигини таъминлаш. Агарда мижоз қандайдир сабаб билан тўлаш қобилиятини йўқотса, банк муддатни узоқроқ йилга чўзиб бериши мумкин. Бунда суммада ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Лекин мижоз асбоб-ускунани олиб қўйиб, уларни яхши ишлатмай, бепарво юргани кузатилса, банк совуққонлик учун жарима солади. Ундирилган бу маблағ эса тўғридан-тўғри хайрия мақсадларига сарфланади.

Нега бизда ислом молияси ривожланмаяпти?

Ҳақли савол туғилади: аҳолининг катта қисмини ислом динига эътиқод қилувчи фуқаролар ташкил этишини инобатга олсак, ислом молияси тизимини жорий этиш замон талаби экани маълум бўлади. Бироқ ҳозиргача бу тизимни жорий этиш кечиктириляпти. Нега? Ўтган ҳафта пойтахтимиз мезбонлик қилган Ислом тараққиёт банкининг Йиллик йиғилиши доирасида айни масала ҳам кун тартибида бўлди.

— Исломий банкларни жорий этиш имконияти ҳақида гапирадиган бўлсам, тизимнинг мураккаблигидан ташқари, фуқароларнинг тижорат банкларига ишончини ҳам ошириш зарур, — дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов. Мамлакат банк тизимида исломий молиялаштириш тизимининг қулай ишлаши учун қўшимча қонунчиликни жорий этиш лозим. Қолаверса, аҳолининг ислом молияси бўйича саводхонлик даражаси ҳам анча паст. Эҳтимол, одамлар оддий банк хизматлари ҳақида нимадир билишади, лекин исломий молиялаштириш ҳақида деярли маълумотга эга эмас. Бу мавзу, айниқса, финтечнинг ривожланиши шароитида долзарбдир. Муайян салоҳиятни яратиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш зарур. Aҳолининг молиявий саводхонлиги ошиши билан исломий банк тизимини жорий этиш анча осонлашади.

Юқоридаги масала юзасидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ҳам фикр билдирар экан, бу жараёнда асосий масала ислом банкларининг бор-йўқлигида эмас, ҳамма гап ишончда эканига урғу берди. Унинг фикрича, банкларга нисбатан ишонч бўлмас экан, исломий молия ҳам ўзини оқламаслиги мумкин. Анжуманда иштирок этган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Яқин Шарқ ва Шимолий Aфрика бўйича раҳбари Aбдулҳаким Элваер эса юқоридаги фикрларни инкор этади.

— Бу мавзуга ишонч ҳамма нарсани ҳал қилади, деган маънода қарамаслик керак, — дейди Aбдулҳаким Элваер. — Бу масалага аҳолининг барча қатламларини банк хизматлари билан қамраб олиш нуқтаи назаридан ёндашиш лозим. Мамлакатда турли қатлам вакиллари яшайди. Бу ерда эътиқод масаласи ётибди. Ҳар бир инсон эътиқодига мос молиявий хизматлар билан таъминланиши керак. Анъанавий банкларга ишонч қанча кучли бўлмасин, одамлар ёстиқлари остидаги пулларини олиб чиқмаслиги мумкин. Европа давлатларида ислом молияси бўйича ишлар ривожланмоқда. Бироқ Марказий Осиёда, Ислом тараққиёт банкига аъзо мамлакатларда бу ишлар жуда секин кетяпти. Камида 8 йилдан бери ҳолат шундай.

Қонунларимиз ислом молиясига йўл қўймайди...(ми?)

Дарҳақиқат, халқаро экспертнинг сўзларида жон бор. Мамлакатимиз аҳолисининг 15-20 фоизга яқини эътиқоди туфайли анъанавий кредитлаш тизимидан фойдаланмаётганини ҳисобга олсак, муқобил вариант орқали мазкур қатлам тўлиқ қамраб олинишига эҳтиёж бор. Биргина мисол: 2020 йилда БМТ Тараққиёт дастури доирасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, банк кредитларидан фойдаланмасликнинг асосий сабаблари сифатида диний қарашлар, кредитлар бўйича юқори фоиз даражаси ва кредитлаш тизимининг мураккаблиги кўрсатиб ўтилган.

Қолаверса, айни соҳадаги қонунчликни такомиллаштириш зарурати бор. Мисол учун, юртимизда ислом молия маҳсулотлари ва хизматларини тартибга солувчи қонунлар йўқ. Амалдаги банк фаолияти ва солиқ бўйича қонунчилик, мавжуд дастурий таъминот тизимлари ислом ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган банклар учун мослаштирилмаган. Соҳа мутахассислари олий таълим тизимида тайёрланмайди. Шу боис мутахассислар кам, амалий тажриба эса йўқ.

***

Юқорида соҳага доир муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида фикрлар билдирилди. Бизнинг-ча, ушбу ишларнинг амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон ислом молияси соҳасида МДҲ давлатлари ичида етакчи мамлакатга айланиши шубҳасиз. Қолаверса, бу орқали одамларнинг танлов имкониятларини ҳам ошириш мумкин. Фақатгина бунда айрим раҳбарларимиз масъулиятни қўлга олиши, “ҳали вақти эмас, тайёр эмасмиз” деган доимий важларидан воз кечиши, ҳақиқатда одамларга қулайлик яратишни кўнглига тугиши керак, холос.

Содиқ АБДУРАСУЛОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш