Жамоат транспортидан йўловчилар розими?

Жамоат транспорти одамларнинг узоғини яқин қиладиган энг қулай восита ҳисобланади. Лекин, тан олиш керакки, кейинги пайтларда йўловчилар сони ортиши сабабли талаб ҳам шунга яраша кўпайиб бормоқда. Айниқса, бир йилдан ортиқ вақт давомида карантин шароитида барча соҳаларда бўлгани каби жамоат транспортидан фойдаланишда ҳам пасайиш кузатилди. Аммо 6 сентябрдан одатдаги ҳаёт тарзига қайтилди, ҳамма ишга, ўқишга қатнашда жамоат транспортига мурожаат қилди.

Афсуски, талабнинг бирданига ортиб кетиши автобус ва метроларда йўловчилар тирбандлигини юзага келтирди. Мисол учун, эрталабки 8-9 ва кечки 6-7 лар оралиғида жамоат транспортида ҳаддан ташқари йўловчи кўплигини кузатиш мумкин. Табиийки, бу давлат идораларида ишловчи ишчилар, талабаларга бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Улар ишга, ўқишга кечикиб боришига ёки ортиқча харажат қилиб, такси хизматидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Кутилган талабга тайёргарлик кўрилганмиди?

Хўш, бу ноқулайлик сабаби нимада? Мутасаддилар аввалдан бу каби ҳолатларни тахмин қилишганми? Кутилган талабга тайёргарлик кўрилганмиди? Яқин вақтларда йўловчилар тирбандлиги бартараф этиладими? Бу каби саволларга жавоб топиш учун Транспорт вазирлиги Йўловчи ва юк автобусларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Аброр Исаевга мурожаат қилдик.

— Тўғри, сентябрь ойидан олий ўқув юртларида ўқишлар бошланиши муносабати билан жамоат транспортига талаб кескин ошиб кетди, — дейди А.Исаев. — Табиийки, бу автобусларда йўловчилар тирбандлигини келтириб чиқарди. Лекин биргина бу эмас, яна автомобиллар тирбандлиги ҳам автобусларни белгиланган вақтда қатнашига ҳалақит бермоқда. Айтайлик, 10 дақиқада келиш керак бўлган автобус 15 дақиқада келмоқда. Ўзи тартиб бўйича ёзги даврда жамоат транспортлари қатнови 10 фоизга қисқартирилади. Сентябрдан яна аввалги ҳолга қайтади. Кўпчилик ўйлаганидек, автобусларни йўналишга чиқармасликдан ҳеч ким манфаатдор эмас. Ҳозирда барча йўналишларда автобуслар тўлиқ қатнамоқда. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, янги йўналишлар очиш, мавжудларини қайта кўриб чиқиш, автобус бекатларини реконструкция қилиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш масалалари ҳам босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Давлатовнинг таъкидлашича, жамоат транспорти қатновида йўловчиларга қулайлик яратиш учун бир неча лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган концепция ишлаб чиқилмоқда.

— Аслида жамоат транспортида хизмат кўрсатиш фаолияти кам фойдали ҳисобланади, — дейди Н.Давлатов. — Барча ривожланган давлатлар каби бизда ҳам бу тизимни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат субсидия ажратади. Муаммонинг яна бир сабаби — биздаги автобусларнинг ўртача ёши 7 йилга тенг. Бу автобуслар эскирган ҳисобланади. Шунга яраша тез-тез бузилиб қолиши ортиқча харажатларга олиб келмоқда. Ҳозир бу муаммолар ечими устида ишлаяпмиз. Шу йил ноябрь ойида 20 та электровоз олиб келиш режамизда бор. 2022 йилда эса 390 та янги, замонавий автобуслар йўловчиларга хизмат қила бошлайди.

“15 минутда келган автобусни кўрмаганман...”

Юқоридаги йўловчилар тирбандлиги сабаби фақат йўллардаги тирбандлик эмас, балки ўзимизнинг ҳайдовчиларда ҳам айб бор. Айримлар режани бажариш учун йўловчи гавжум бўладиган бекатларда кўп вақт туриб қолишади. Натижада кейинги бекатдаги йўловчилар кутишига сабаб бўлишади. Бунга ечим янги жорий этилган АТТО транспорт йўл карталаридир. Ҳозир тахминан 30 фоиз аҳоли бу тизимдан фойдаланяпти. Келгусида 80-90 фоизга етса, ўз-ўзидан ҳайдовчида режа мажбурияти олиб ташланади. Улар нақд пул билан муаммола қилмайди. Фаолияти фақат қатнов мунтазамлиги ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатига қараб баҳоланади.

Карантин даврида автобуслар қатнов вақти 20 дақиқагача этиб белгиланган бўлса, ҳозир ўртача 10-12 дақиқада қатнов йўлга қўйилди.

Афсуски, айрим йўловчилар фикрича, мутахассиснинг бу гапи ҳақиқатан бироз йироқ.

— Мен мунтазам равишда жамоат транспортидан фойдаланаман, — дейди Толибжон Шерматов. — 10 йил давомида атига бир бор автобусни 15 дақиқада келганини кўрганман. Бўлмаса, ярим соатлаб кутамиз. Айниқса, дам олиш кунлари оралиқ қатнов вақти чўзилиб кетади.

Ўз навбатида мутахассисдан мана шу 10-12 дақиқалик вақтни янада қисқартириш мумкинлигини сўраганимизда, мавжуд меъёрга кўра, республикада жамоат транспортлари ҳаракатланиш оралиқ вақти 10 дақиқадан кам бўлмаслиги лозимлигини айтди. Бу гапдан тушунишимизча қатнов вақти чегараланган.

Аммо шу қонунларни аслида ўзимиз ишлаб чиқмаймизми? Уларнинг туб замирида инсон манфаатлари ётмайдими? Шундай экан, юқоридаги қонунга бугунги кун талабидан келиб чиқиб ўзгартириш киритса бўлади-ку! Мисол учун, бугунгидек тиғиз вақтларда автобуслар оралиқ қатнов вақтини 5 дақиқа этиб белгиланса, йўловчилар автобус кутиб ишдан, ўқишдан кеч қолиши олди олинарди.  

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш