Яна бир спортчи пичоқлаб ўлдирилди, нималар бўляпти ўзи?

Қашқадарёлик дзюдочи бошқа бир спортчи томонидан пичоқлаб ўлдирилибди. Мен буни спортчиларнинг етарлича маънан тарбия қилинмаслиги, асосий урғу фақат жисмоний тайёргарликка берилиши оқибати деб биламан. Формула оддий: куч эзгуликка хизмат қилиши керак. Бўлмаса шунақа – чок-чокидан сўкилади ҳаммаси.

Сўнгги йилларда давлат томонидан спортга, хусусан, яккакураш турларига эътибор сусаймади, аксинча ошди. Олимпиада ғолибларига берилаётган эътиборни, шуҳрат ва эътирофни ҳамма кўрди. Роса муҳокама қилинди, ёқланди, ёқланмади — фикрлар турли бўлди. Бироқ бизга соғлом, шижоатли, иродали, юртимиз байроғини жаҳонда баланд кўтарадиган, мадҳиямизни халқаро ареналарда жаранглатадиган авлод керак экан, спортчиларни рағбатлантиришимиз, соғлом турмуш тарзига муҳаббатни ўстириб боришимиз шарт.

Аммо оламшумул ғалабаларимиз ортидан шунақа шум хабарлар чиқиши спортга берилаётган эътибор акс натижага олиб келяптими, деган ҳадикларни ҳам юзага келтиради.

Ҳар қандай қаҳрамонни қаҳрамонга айлантирувчи икки жиҳат бор: жисмоний ва руҳий тайёргарлик. Бир қаноти йўқ қуш учолмайди, ўрмалаб қолади. Шу боис спортчилар учун руҳий тарбия ва идеалларнинг аҳамиятини етарли баҳолаш лозим.

Қонун ишласин деймизу, бироқ қонунга итоаткорлик, кучни рингдан, татамидан, октагондан... ташқарида фақат жуда фавқулодда ҳолатлардагина ишлатиш, бу имтиёзни суииъстемол қилмаслик, ақл билан бошқариш тўғрисида кўп гапириладими? Спортчиларни мураббийлар тарбиялаяптими ёки “кўча”ми?

"Тарбия ё ҳаёт, ё мамот...", ҳатто спортда ҳам! Айниқса, спортда!

Ҳозир спорт оламида кимнинг таъсири кўпроқ: иккита ғалабадан кейин ўпкасини босолмаганларми ёки олдига катта амбициялар қўйиб (пулдан ва ҳукмронликдан каттароқ), масалан, шуҳрат, халқаро эътироф истайдиганларми?

Сабр билан “тренировка”ларини қилиб, мусобақаларга қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритаётган етук, ҳар томонлама тарбияли ШАХСлар вазиятни қўлга олиши керакдир балки?

Жамоат бўлиши, яккакураш спортлари имижини асраши, айрим “жўжахўрозлар”ни шахсий ибрат, эзгу анъаналар ва тўғри мактаб билан тийиши ва тарбиялаши керакдир.

Хуллас, ҳамма соҳаларда бўлгани каби, спортга ҳам яхши ғоя, фалсафа керак. Куч ақл, қонун ва яхши хулқ етовида бўлиши лозим!

Шаҳноза СОАТОВА,

Адлия вазирлиги масъул ходими.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш