Камбағаллик чегарасини қандай аниқлаш мумкин?

Камбағаллик чегарасини белгилаш учун ихтиёрдаги даромад (маош, фойда, қишлоқ хўжалигидан келадиган даромад, давлат трансфертлари, пенсиялар ва бошқалар) ёки истеъмол (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар) даражаси олинади — даромад ё истеъмол даражаси белгиланган кўрсаткичдан паст бўлса, киши камбағал дея ҳисобланади.

Ўзбекистон шароитида истеъмол даражасини танлаш мақсадга мувофиқроқ кўринади, чунки кўпчилик меҳнат фаолиятини ҳали ҳам норасмий сектор ва қишлоқ хўжалигида олиб боради. Шу боис камбағаллик чегарасини белгилаш учун фойдаланилиши кутилаётган минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир киши учун ойига 440 минг сўмни ташкил этди. Ушбу миқдор қандай ҳисоблаб чиқилган, миллий камбағаллик чегарасининг ўзига хослиги ва ушбу кўрсаткични жорий этишнинг аҳамияти нимада?

Камбағаллик даражаси қандай ўлчанади?

Камбағаллик тушунчасига ягона таъриф мавжуд эмас. Баъзилар камбағаллик деганда, инсоннинг бирламчи эҳтиёжларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, таълим ва соғлиқни сақлаш) қондиришга имкониятнинг мавжуд эмаслигини тушунса, бошқалар – танлов эркинлигининг етарлича эмаслиги ёки кунига 1,90 доллардан кам миқдорга кун кечиришни, учинчи томон эса – инсоннинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокига путур етказувчи ижтимоий, таълим ва соғлиқни-сақлаш соҳасидаги тўсиқларнинг доимий доирасини тушунишади. Умумий қараганда, камбағалликни баҳолаш бир нечта аниқ белгиланган кўникма ва усулларни талаб қилади.

Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини ҳисоблаш учун инсоннинг кундалик озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, хизматларга бўлган эҳтиёжларини инобатга олувчи минимал истеъмол харажатларидан фойдаланилган. Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилган. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат(даромад)га эга 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган. Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (2021 йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган.

Расмий чегара тасдиқланди

Юртимизда минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиладиган бўлди. Август ойида эса “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

  • Кам таъминланган ва кам даромад топаётган оилалар рўйхати шакллантирилгач, камбағаллар сони ҳисоблаб чиқилади, — дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов. — Йил якунига бориб бу йилда 10 мингдан ортиқ уй хўжаликларида амалга ошириладиган сўровномалардан келиб чиқиб, расмий минимал истеъмол харажатлари қиймати жорий этилади. Бу камбағаллик чизиғи сифатида ишлатилади. Камбағаллик даражаси тўғрисидаги рақамларга келадиган бўлсак, сўровлар натижасида бу ҳам эълон қилинади. Бирма-бир ҳар битта одам ҳисоблаб чиқилмайди. Лекин 2022 йилдан минимал истеъмол харажатлари меъёри ягона ижтимоий реестрга интеграция қилинади. Фуқаролар унга онлайн ариза беради. Кам таъминланган ёки минимал истеъмол харажатидан кам даромад топаётган оилалар рўйхати шакллантирилгандан кейин камбағаллар сонини ҳисоблаш имконияти бўлади. Бу икки хил метод асосида бўлади: умумий сўровдан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади ва камбағаллар сонини ижтимоий реестр орқали 2022 йилда ҳисоблаш имкони бўлади. Лекин бу учун мана шу йилдаги сўровномаларни тугатишимиз керак.

Қарорга кўра, минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик мезони (ёки чегараси) сифатида фойдаланиладиган бўлди. 2022 йилдан бошлаб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланадиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади. Ҳар йили август ойигача минимал истеъмол харажатлари қийматининг прогноз параметрлари инфляция кутилмаларидан келиб чиқиб ҳисобланади. Минимал истеъмол харажатлари ва камбағаллик даражаси ҳар йилги ҳисобот йилида инфляция даражасидан келиб чиқиб, кейинги йилнинг 20 январига қадар эълон қилиб борилади. Минимал истеъмол харажатлари таркиби камида ҳар 5 йилда қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, мавжуд кўрсаткичлар борасида қандай ишлар қилиш тартиби ва ёрдамлар кўрсаткичи  ҳам ўз-ўзидан шаклланишида қўл келиши мумкин. Асосийси эса камбағаллик кўрсаткичини қай тарзда камайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳисобланади.

Нилуфар ЮНУСОВА.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш