Алимент тўловчилар фақат оталар эмас...

Ачинарлиси, бугунги кунда жамиятда нафақат алимент тўловчи оталар, балки фарзанди тарбиясидан воз кечган алимент тўловчи оналар ҳам кўпаймоқда. Сабалари эса оддий: хорижга иш излаб кетган бўлади ёки бола тарбиясидан қочиб, ўз тинчини кўзлайдиганлар тоифасининг борлиги ва бошқа ҳолатлар.

Албатта, ота ёки она меҳридан мосуво бўлган фарзанд ёки уларнинг алимент борасида олиб бораётган тортишувларини кўриб ўсаётган мурғак қалбларда нафрат ва ғазаб шаклланмайди, дея ҳеч ким кафолат бермайди. Ҳозирда республика бўйича 280 минг 68 нафар алимент тўловчи мавжуд бўлиб, шундан 2 минг 364 нафари аёлларни ташкил қилмоқда. 

Жамиятда адолатнинг қарор топиши суд тизими орқали ҳал этилади. Аммо унинг ижросини амалда таъминлаш Мажбурий ижро бюролари (МИБ) томонидан бажарилади. Маълумотларга кўра, МИБга келиб тушаётган ҳужжатларнинг 63 фоизи алиментга оид масалаларга тўғри келади. Мурожаатлар, асосан, алиментни ўз вақтида ололмаслик ва суд қарори чиққан бўлса-да, алимент тўланмаётгани билан боғлиқ. Аммо баъзида эркаклар томонидан ҳам алимент тўламаётган аёллар устидан шикоятлар келиб тушаётгани жамиятимиз учун энг аянчли ҳолатдир. Хўш, алимент масаласи қандай ҳал этиляпти?

Жиноий жавобгарлик тайинланиши мумкин

— Никоҳнинг бекор қилиниши ушбу никоҳ натижасида дунёга келган бегуноҳ, мурғак болаларнинг ота ёки она меҳрисиз ўксиб улғайишига олиб келганидан ташқари, фарзандларни моддий таъминлаш учун алимент ундириш ҳам давлат ижрочилари учун энг долзарб муаммога айланмоқда, — дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бўлим бош инспектори Давлат Ражабов. — Республика бўйича қарздор аёллар бўлган алимент ундируви билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ижро ҳужжатлари мавжуд. Ҳудудий жиҳатдан аёллар томонидан энг кўп алимент тўлаш кўрсаткичи Нукус (147 та) ва Самарқанд (144 та) шаҳарларига тўғри келади.

Қарздор аёл киши бўлган тақдирда ҳам моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлаш Оила кодекси, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, умумий асосларда амалга оширилади.

Мазкур тоифадаги ундирувлар бўйича ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаган тақдирда маъмурий жавобгарликка, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаган тақдирда унга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

Хорижда қандай?

Алимент ундириш ҳақида ижро ҳужжати чиқарилишига сабаб — оиланинг бузилиши ва эр-хотин ўртасида тузилган никоҳнинг бекор қилиниши ҳисобланади. Германия, Буюк Британия, Франция, Австрия, Норвегия, Финляндия, Польша, Латвия каби Европа давлатларида алимент ундируви масалаларига алоҳида аҳамият берилиб, алимент тўловлари қарздор томонидан тўланмаганда давлат томонидан махсус фондлардан тўлаб берилиши йўлга қўйилгани ва ушбу фондларнинг тегишли қонун нормалари билан тартибга солиниши ўсиб келаётган ёш авлод моддий таъминотини кафолатлайди. Фонддан алимент тўланганда, бола таъминотида узилиш бўлмайди ҳамда тўлаб берилган алимент пуллари қарздордан кейинчалик ундириб олиниши белгилаб қўйилган.

Италияда эса ота (она) алимент тўлашдан бош тортган ҳолларда, суд орқали бобо ва бувисидан алимент ундируви амалга оширилишини белгилаш мумкин. Хитойда алимент тўламаганлик солиқ тўловлари тўлашдан бўйин товлаш қаторида оғир тоифадаги жиноят саналиб, алимент тўлашдан бўйин товлаш алимент тўловчини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки ҳаттоки ўлим жазосига ҳукм қилинишига олиб келиши мумкин.

Муаммонинг олдини олиш учун нималар қилиняпти?

Мавжуд муаммоларга ўзгача ёндашиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан оилаларни ўзаро яраштириш ишларига эътибор қаратилмоқда. Натижада жорий йил давомида 4 минг 470 дан ортиқ оила яраштирилган. Бу эса яхши натижа. Ишсиз алимент тўловчиларни иш билан таъминлаш борасида олиб борилган тадбирлар ва меҳнат ярмаркалари натижасида 34 минг 402 нафар киши бандлиги ҳал қилинди.

Жорий йилнинг 7 ойида моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 37 млрд. 300 млн. сўмлик алимент пуллари ундирилди, 4 млрд. 200 млн. сўмлик (31 та) уй-жой ва 1,5 млрд. сўмлик (15 та) транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди. Ҳозирда ягона ахборот тизимига 293 мингдан зиёд алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, ижро ҳаракатларини «онлайн» режимда танишиб бориш имкони яратилди.

Жорий йил 1 мартдан бошлаб, алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш бўйича тизим яратилди. Янги тартибга кўра, алимент пуллари қарздорнинг иш ҳақидан ундирувчи номига очилган янги пластик карточкаларга орқали электрон тарзда юборилмоқда. Республикамиздаги ҳар бир алимент олувчи номига банк ҳисоб-варағи очилиб, уларга 98 минг дона пластик карточка тарқатилди. Бу тизим МДҲ давлатлари орасида биринчи бор юртимизда жорий этилди.

Бунда алимент ундириш тўғрисидаги ҳужжатларининг ижроси ва ундирилишини назорат қилиш ишлари қисман автоматлаштирилади, алимент тўловчи ва олувчиларга қулайлик яратилади, алимент тўловчилар устидан доимий (масофавий) назорат ўрнатилади. Асосийси, эндиликда одатий тарздаги алимент олувчи фуқароларнинг жойлардаги почта-алоқа тармоқлари ва Мажбурий ижро бюросининг туман-шаҳар бўлимларига боришига ҳожат қолмайди.

Нилуфар ЮНУСОВА.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш