Электрон ўғирликлар нега кўпаймоқда?

Замонавий ахборот технологиялари, электрон тўлов тизимлари ривожланиши билан соҳадаги фирибгарлар сони ҳам кескин ошмоқда. Одамларни ижтимоий тармоқлар, сайтлар орқали чув тушираётганлар сон-саноқсиз. Масалан, баҳор ойларида Бухорода телеграм орқали замонавий қимматбаҳо либосларни сотишини айтган гуруҳ қатор аёлларнинг миллионлар сўмини ўзлаштиргани тўғрисида хабар тарқалган эди. 21 ёшли талаба эса одамлардан алдов йўли билан 19 миллион сўм ундирган.

Интернет орқали турли сохта хайрия акцияларни уюштириш ҳам фирибгарларнинг севимли юмушларидан бири. Фарғонада интернет фирибгарларга пластик карталари рақамини топширган содда фуқаролар хонавайрон бўлишларига оз қолди ва ҳоказо. Яхшики, ҳуқуқ-тартибот органлари, банклар ҳамкорликда олиб борган харакатлар натижасида бу каби жиноятлар тезда фош этилмоқда. Аммо бу фирибгарларнинг йўлини тўсиш учун етарли эмасга ўхшайди. Электрон ўғрилар ўғирликнинг янгидан-янги турларини ўйлаб топишдан чарчамаяпти.  

Янгича фирибгарлик усули қандай?

Янгича усул UZCARD брендидан фойддаланиш бўлиб қолмоқда. Маълум бўлишича, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда UZCARD маълумот саҳифаларидан нусха кўчириш ҳоллари тез-тез учраб турибди. Фирибгарлар мазкур бренддан фойдаланиб, мавжуд бўлмаган лойиҳалар доирасида пул мукофотларини тўлашни ваъда қилиб, одамларни алдаётгани аниқланган. Компания ахборотига кўра, «тўловлар»нинг сабаблари турлича бўлиши мумкин, ҳар сафар фирибгарлар алдашнинг янги схемаларини ўйлаб топишяпти.

— Ёдингизда бўлсин, агар сиз амалга оширмаган ҳаракатлар тўғрисида SMS-хабар олган бўлсангиз, банк картаси тафсилотлари, SMS орқали қабул қилинган бир марталик пароллар, банк ёки тўлов тизими номидан бошқа шубҳали мурожаатлар ҳақида маълумот сўрови келса, билингки, сиз билан ёмон ниятли кимсалар боғланган. — дейди Марказий банк матбуот хизмати мутахассиси Зилола Рўзиева. — Сиздан олинган маълумотлар уларга ҳисобингизни масофадан бошқариш, шунингдек, маблағларни бошқа ҳисобларга қийинчиликсиз ўтказишни амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, тасдиқланмаган сайтларга пароллар ва шахсий маълумотларни киритишда ҳушёр бўлинг, шахсий маълумотларингизга учинчи шахсларнинг киришига йўл қўйманг. Агар сизга нисбатан жиноят содир этилган бўлса, дарҳол хизмат кўрсатувчи банк билан боғланинг, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беринг.

Хавфсизлик кодларини қандай асраш керак?

Маълумки, халқаро тўлов карталарида икки турдаги хавфсизлик коди мавжуд бўлиб, терминал ва банкоматлар учун 4 хонали пинкод ҳамда интернет орқали тўловларни амалга оширишда қўлланиладиган CVV (CVC) кодлардан иборат. Банк картасининг 4 хонали пин-коди картани мижозга тақдим этиш жараёнида махсус конвертда яширилган бўлади. Интернет орқали тўловларни амалга оширишда қўлланиладиган CVV (CVC) код эса банк картасининг орқа қисмига ёзилган бўлади. Интернет орқали тўловларни амалга ошириш учун электрон тижорат ташкилотининг интернет веб-сайтида банк картасининг олд томонидаги реквизитлар ва орқа томонидаги CVV (CVC) кодларини киритиш кифоя қилади ва дунёнинг исталган жойидан интернет орқали тўловни амалга ошириш мумкин.

Интернет орқали амалга ошириладиган харидларда зарур суммани асосий картадан қўшимча виртуал “Visa” картасига ўтказиб, тўловни виртуал карта реквизитлари орқали амалга ошириш тавсия этилади.

Бундан ташқари, халқаро банк карталари эгаларидан банк картаси реквизитлари ва CVV (CVC) кодларини бегона шахсларга ошкор қилмаслик ва интернет-сайт «3D secure» хавфсизлик хизматини ишлатган тақдирда тўловларни амалга ошириш жараёнида ундан фойдаланиш лозим.

Умуман, статистик маълумотлар ўтган йилги карантин жараёнида жаҳонда интернет фирибгарликлар сони 75 (!) фоизгача ўсганини кўрсатади. Дунё бўйича миллинлаб инсонлар шу турдаги фирибгарларнинг тузоғига тушишган. Умумий сумма эса 500 миллион долларга яқинлашган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларимизга электрон тўлов тизимлари, соҳа билан боғлиқ бошқа хизматлардан фойдаланишда хавфсизлик талабларига қатиан амал қилишни тавсия этиб қоламиз.

Улуғбек ИБОДИНОВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш