Уят қолмади...(ми?)

Ҳа, ростдан ҳам уят қолмаяпти. Кечагина ийманиб гапирилмайдиган нарсаларни бугун очиқчасига, кўпчилик олдида муҳокама қиляпмиз. Шу туфайли мен ҳам уялмай ёзаман. Айрим ёш келинлар ва, ҳатто турмуш қурмаган қизлар ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда жинсий ҳаётини муҳокама қилади. Ҳа, рост... Бундай гуруҳлар аъзолари сони энг кўпларидан ҳисобланади. Масалан, телеграм, фейсбук ва инстаграмдаги “Ажрашганлар”, “Жинсий – психологик ҳаёт” каби гуруҳлар 100-300 минггача ёш қиз жувонларни тўплаган. Бу гуруҳларда фақат пардоз-андоз, янги фасондаги кўйлакларгина тарғиб этилмайди...

Бозорда оила билан, болалар билан юриб бўлмайди. “Пеньюар” деган матоҳ очиқчасига сотилмоқда. Турли шаклдаги бу каби ички кийимларни дўконлар витриналари, аёл ва эркак маникенга илиниб, ҳамманинг кўзи тушадиган жойларга илиб қўйилган. Кичкина қизалоқ бу нима деб сўраб қолса, қандай жавоб беришни ҳам билмайсан киши. Ижтимоий тармоқлар эса гўёки жинсий қувватни оширишга мўлжалланган “дори” воситалари рекламаси билан тўла.

Махсус дўконлар керакми?

Бундай рекламаларда ҳамма таниган, машҳур шахслар, шифокорларнинг ҳам иштирок этаётгани масалага эътиборни янада оширмоқда. Масалан, яқинда машҳур доктор, шу билан бирга, актёр хисобланган эркак жинсий аъзога сепиладиган спрейларни тарғиб қилиб чиқди. Доктор сифатида эҳтимол бунга ҳаққи бордир. Аммо бу рекламанинг ижтимоий тармоқларда айлантирилаётгани кўпчиликка ёмон таъсир қилади.

Яна бир жиҳат. Бу масала аҳолининг зиёли қатлами орасида кўп ҳам гапирилмаса-да, омма орасида ўз ҳолича яшаб келаётган йирик ҳодисалардан биридир. Ҳеч қандай текширувдан ўтмаган жинсий дори-дармонлар, “ўйинчоқлар” билан савдо қилинадиган расталар, ижтимоий тармоқлар юртимизда очиқчасига фаолият юритади. Бу қўлбола расталарда ҳар куни миллионлаб сўм пул айланиши ҳам ҳаммага маълум. Масалан, Қўйлиқ ота мақбараси атрофи ана шундай ноқонуний шаҳвоний савдо марказига айлангани тўғрисида аввал ҳам ёзган эдик. Бу ерда ясама, пластик жинсий аъзолар имитаторлари, ҳеч қандай сертификатга эга бўлмаган, аслида нима экани номаълум аёллар, қизлар, эркаклар учун “кучайтирувчи” дорилар, умуман, шаҳват билан боғлиқ бошқа воситалар очиқчасига сотилади. На ички ишлар, на солиқ қўмитаси ва на диний мажмуа ҳисобланувчи Қўйлиқ ота мақбараси ходимларининг бу ҳодисалар билан иши йўқ. 

Бу ўринда хорижий давлатлар ва, ҳатто қўшни Қозоғистонда айнан шундай воситалар билан савдо қиладиган махсус дўконлар борлиги, бу муассасаларга вояга етмаганларнинг кириши тақиқлангани тўғрисида ҳам айтиб ўтиш керак. Бундан ташқари, мазкур дўконларда сотилаётган маҳсулотлар соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан назорат қилинади. Эҳтимол, бизда бу каби дўконларнинг бўлиши нотўғридир. Аммо вазиятни қандайдир тартибга олиш кераклиги аниқ-ку. Зеро, барибир шаҳвоний “пеньюар”лар, “ўйинчоғу” назоратсиз дорилар очиқчасига сотилмоқда. Уларнинг тарғиботи билан ижтимоий тармоқ ва айрим машҳурлар ҳам шуғулланишяпти.        

Ёшлар майиб бўлиб қолмоқда

— Ҳар қандай дорини ҳам врач кўрсатмасисиз истеъмол қилиш яхши оқибатларга олиб келмаслиги тайин, — дейди уролог Тоҳиржон Ширинов. — Айниқса, бизнинг соҳага таалуқли воситалар ўта кучли фаол компонентлардан ташкил топиши ҳеч ким учун сир эмас. Уларнинг ножўя таъсирлари, қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлари ҳам жуда кўп. Тажрибамиз давомида дори истеъмол қилиб, юраги кўтармай ёки қон босими ошиб кетиб вафот этганлар, дорига қарам бўлиб қолган ёшларни кўп кузатамиз. Бу ўринда юқоридаги каби ҳар қандай воситанинг асосий таркиби силденафил моддасидан ташкил топишини айтиб ўтиш керак. Бундан бошқа ҳеч нарсаси йўқ дориларнинг. Реклама орқали айтилаётган хусусиятлари ҳам ёлғон. Ҳаммаси бир силденафил таъсири, холос.

Бу соҳа қандай тартибга олинади, билмадик. Эҳтимол, ностандарт воситаларни олиб кириш йўллари тўсилар. Сотув солиқ, ички ишлар органлари томонидан тўхтатилар. Аҳолига соҳага оид сифатли, аноним хизмат кўрсатувчи ишонч марказлари ташкил этилар. Қандай бўлганида ҳам ахлоқий таназзулга бошловчи бу қилғиликларга чек қўйилмоғи шарт!

Шерали ҚИРҒИЗБОЕВ.

Изоҳ 0

Изоҳ қолдириш